«Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида бу алоҳида қайд этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мазкур йўналишда банкнинг барча филиалларида аҳоли билан иш олиб борадиган 44 бўлим ташкил этилиб, уларга 170 нафар малакали ходим ишга олинган.
Банк томонидан кредит ажратиш шартлари ва намунавий бизнес лойиҳаларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш учун ОАВларида реклама роликлари намойиш этилмоқда. Маслаҳат марказлари, маҳаллаларда тарғибот стендлари ташкил этилган. Банк ходимлари 440 минг хонадонда бўлиб, ушбу оилалар аъзоларининг тадбиркорлик фаолиятига қизиқиши ва имкониятларини ўрганган. 362 маҳаллада семинарлар ўтказилган.
37 мингдан зиёд хонадон тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган. 15 мингдан зиёд хонадонга 105 миллиард сўмлик имтиёзли микрокредитлар ажратилган. Натижада 18 322 иш ўрни яратилган.
Эндиликда янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларига фаолиятини амалга ошириш учун олинган товарларни гаров сифатида ҳисобга олган ҳолда энг кам иш ҳақининг 20 баробаригача ёки маҳалла фуқаролар йиғини кафиллиги асосида энг кам иш ҳақининг 60 баробаригача миқдорда микрокредитлар ажратилади.
Янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъэктлари мазкур микрокредитларни расмийлаштиргандан сўнг олти ой муддатга қатъий белгиланган солиқ тўловларидан озод этилади.
Жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, хўжалик бирлашмаларига тижорат банклари кредити ҳисобидан сотиб олинадиган қорамол, қўй-эчки, қуён, парранда, балиқ, асалари уяси, мевали дарахт ва ток кўчатлари, уруғ, минерал ўғит, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, маиший техника, қурилиш материаллари ва бошқа товарларни ҳеч қандай чекловларсиз нақд пулсиз ҳисоб-китоб йўли билан етказиб беришни ташкил этишга кўмаклашиш вазифаси топширилди. Бир ой муддатда ҳудуддаги жорий ҳолатни танқидий таҳлил қилиш асосида қишлоқ хўжалиги товарлари, маиший техника, қурилиш материаллари ва бошқа турдаги маҳсулотлар етказиб беришга ихтисослаштирилган хўжалик субъектлари ташкил этилади.
Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Изоҳ (0)