28 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази, шунингдек, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази раҳбарларининг ахбороти эшитилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Муҳокама давомида мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишга асосий эътибор қаратилди. Хусусан, Республика ихтисослаштирилган кардиология ва Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси марказлари томонидан Республика ҳамда бирламчи тиббиётнинг барча бўғинларида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг кенг қамровли тизими тўлиқ ташкил этилмаганлиги таъкидланди. Шу билан бирга, ушбу марказлар даволанувчиларининг 60 фоиздан зиёди Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи фуқароларга тўғри келади.
Мамлакат ҳудудларида жарроҳлик амалиётларини ўтказишда марказлар раҳбарлари ҳамда етакчи мутахассислар томонидан етарлича амалий ёрдам кўрсатилмаяпти.
Ихтисослаштирилган марказларнинг ходимлари ва мутахассисларини хориждаги етакчи клиникаларда янги тиббий технологиялар ҳамда замонавий тиббий ускуналарда ишлаш бўйича ўқитиш, шунингдек, хориждаги тиббиёт муассасаларидан жалб этилган ўзбек мутахассислари учун шароитлар яратиш юзасидан тегишли чоралар кўриш зарурияти мавжуд.
Бундан ташқари, марказларнинг расмий веб-сайтларида улар фаолияти тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ эмас, шу сабабли аҳоли кенг қатламларининг ахборот олиш имконияти чекланган.
Кўз ва кардиология касалликларини даволаш, профилактика қилиш учун мўлжалланган дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар бўйича тендер савдоларини ўтказиш тартиб-таомили анча соддалаштиришни талаб қилади.
Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази учун мўлжалланган қўшимча комплекснинг қурилишини якунлаш учун сотиб олинган ускуналар расмиятчилик сабабли божхона омборларида турибди.
Депутатлар аҳолининг ва партиялар электоратининг манфаатларини инобатга олган ҳолда, жойлардаги ҳақиқий аҳволни, шунингдек, ушбу муассасалар фаолиятини, аҳолининг тегишли тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжларини ўрганиш натижаларига асосланган турли саволлар билан мурожаат қилди. Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази ва Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази раҳбарлари депутатларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Мажлис якунларига кўра, Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинди, қарорда барча муҳокама қилинган масалалар ўз аксини топди ва юқорида кўрсатиб ўтилган тиббиёт марказларининг фаолиятини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар белгиланиб, уларнинг амалга оширилиши устидан доимий парламент назорати олиб борилади.
Изоҳ (0)