2018 йил Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионати беллашувлари сари кураш олиб бораётган Хитой ва Жанубий Корея термалари саралашнинг 6-турида ўзаро тўқнаш келди.
Хитойда ўтган беллашув мезбонларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етди. Ўйиндаги ягона гол 34-дақиқада Ю Дабао томонидан киритилди.
Бу Жанубий Кореянинг ҳал қилувчи босқичдаги иккинчи мағлубияти бўлди. Ули Штилике бошчилик қилаётган кореяликлар 4-турни Теҳронда ўтказиб, Эрон дарвозасига бирорта ҳам аниқ зарба йўллай олмай, 0:1 ҳисобида имкониятни бой берганди. Хитой эса 6-турга қадар 2 та учрашувда дуранг қайд этиб, 3 тасида имкониятни бой берганди.
Ўзбекистон термасидан Тошкентда қабул қилиб олинган мағлубиятдан кейин Хитой терма жамоасининг хитойлик бош мураббийи истеъфога чиққан бўлиб, унинг ўрнига италиялик Марчелло Липпи бош мураббий этиб тайинланган ва дунёда энг катта маош олувчи мутахассисга айлантирилганди.
Липпи бошқарувида хитойликлар икки ўйинда майдонга тушиб, гол ўтказиб юбормади. Биринчисида Қатар билан 0:0 ҳисобидаги дурангга имзо чекилган бўлса, кейингисида Жанубий Корея 1:0 ҳисобида мағлуб этилди.
ЖЧ—2018. Саралаш «А» гуруҳи. 6-тур 23 март, пайшанба
Хитой — Жанубий Корея 1:0
Гол: Ю Дабао, 34 (1:0).Мазкур ғалаба Хитойни гуруҳда бир поғона юқорига кўтарди. Энди Чин ўлкаси термасининг ҳисобида 5 очко бор.
Жанубий Корея ва Хитой термаларининг Сеул шаҳрида ўтган биринчи ўйинида кореяликлар 3:2 ҳисобида зафар қучганди.
Изоҳ (0)