Эртага — 23 март куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ—2018 саралашининг 6-турида Сурияга қарши саф тортади. Учрашув Тошкент вақти билан 17:00 да старт олади. Ҳакам: Абдулла Муҳаммад Ҳасан (БАА).
Ўйинга уч кун вақт қолганида сурияликлар стадионни ўзгартиришга мажбур бўлганди. Эндиликда беллашувга 40 минг мухлис учун мўлжалланган Hang Jebat Stadium мезбонлик қилади. Малакка бўғози қирғоқларида жойлашган Малакка шаҳридаги стадион пойтахт Куала-Лумпурдан 148 километр узоқда жойлашган.
Эртага, шунингдек, Хитой ўз майдонида Жанубий Кореяни қабул қилади. Томонларнинг Сеулда ўтган ўйинида кореялик футболчилар 3:2 ҳисобида муваффақият қозонганди. Доҳада эса Қатар ва Эрон термалари тўқнаш келади. Теҳронда форслар 2:0 ҳисобида муваффақият қозонганди.
ЖЧ—2018. Саралаш «А» гуруҳи. 6-тур 23 март, пайшанба
Хитой — Жанубий Корея — 16:35Сурия — Ўзбекистон — 17:00Қатар — Эрон — 21:00
Гуруҳда фақатгина Эрон терма жамоаси мағлуб бўлиб улгурмаган. Форслар ўз дарвозасидан гол ҳам ўтказиб юбормаган. Хитой ва Сурияга қарши сафар ўйинларида голсиз дуранг ўйнаган Карлуш Кейруш шогирдлари Қатар дарвозасига 2 та, Ўзбекистон ва Жанубий Кореяга 1 тадан гол урган. Сўнгги икки рақиб 90 дақиқа давомида эронликлар дарвозасига 1 та ҳам аниқ зарба бермаган.
Қизиқ томони, дастлабки уч ўринда бораётган терма жамоаларнинг барчаси эртага сафар ўйинида иштирок этади. «Дарё» ўйинларни матнли онлайн тарзида кузатиб боради.
Изоҳ (0)