Япония ҳукумати КХДР томонидан мазкур ҳафта баллистик ракета учун янги двигателнинг синовдан ўтказилишини жиддий провокация деб ҳисоблайди. Бу ҳақда мамлакат ТИВ раҳбари Фумио Кисида Токиодаги матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Бу жиддий провокация, биз бу билан муроса қилишни истамаймиз. Япония АҚШ, Жанубий Корея ва бошқа манфаатдор мамлакатлар билан ҳамкорликда Шимолий Кореянинг бу каби синовларни тўхтатишига эришиш учун ҳаракат қилади», — деди вазир.
Япония мудофаа вазири Томоми Инада бошқа матбуот анжуманида Пхеньян қитъалараро ракета ишланмасини олиб бораётганлигини маълум қилди.
Куни кеча Жанубий Корея Республикаси миллий мудофаа вазирлиги КХДР мазкур қуролни яратишда анча муваффақиятларга эришганлигини билдирган эди. Ҳарбий бошқарма мутахассислари Пхеньян томонидан тарқатилган суратларни ўрганиб чиқиб, у ерда синовдан ўтказилган янги двигатель қитъалараро баллистик ракета учун қўлланилиши мумкин деган хулосага келди.
Изоҳ (0)