23 март куни Сурия ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ЖЧ—2018 саралаш босқичи доирасидаги жавоб ўйинида майдонга тушади. Томонларнинг Тошкентда ўтган илк учрашувида ўзбекистонликлар 1:0 ҳисобида зафар қучганди.
Суриядаги беқарор вазият туфайли мамлакат миллий терма жамоаси ўз ўйинларини Малайзияда ўтказиб келаётганди. Бу мамлакатда улар саралаш босқичида етакчилик қилаётган Эрон ва Жанубий Кореядан 2 тадан очко тортиб олишга муваффақ бўлганди.
Ўзбекистонга қарши беллашув Малайзиядаги Серембан шаҳрида — Tuanku Abdul Rahman Stadium’да ўтиши керак эди. ЎФФ матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур стадионнинг ўйинга тайёр эмаслиги учрашувга уч кун қолганида маълум бўлган. Шу боисдан баҳс Малакка шаҳрига кўчирилган. У 40 минг томошабинга мўлжалланган Hang Jebat Stadium аренасида ўтади.
Сурия ва Ўзбекистон термалари ўртасидаги учрашув Тошкент вақти билан 17:00 да старт олади. Учрашувни «Спорт» телеканали тўғридан-тўғри намойиш этишни режалаштирган.
Изоҳ (0)