Сирдарё вилоятида 2016 йилда 1215 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилган бўлса, 719 таси ўз фаолиятини тугатди, яна 717 таси бугунги кунда фаолият кўрсатмаяпти. Бу ҳақда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Сирдарё вилояти Кенгаши ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган очиқ мулоқотда маълум қилинди, деб хабар беради вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Мулоқот ўрганишлар давомида аниқланган муаммоли масалаларни ҳал этишга қаратилди.
Хусусан, тадбирда тадбиркорликка хизмат қилувчи бозор иқтисодиёти инфратузилмаси институтлари – тижорат банклари, консалтинг, маркетинг, инжиниринг, лизинг ва суғурта ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти мутасадди органлари иштирокида ҳудуддаги кичик тадбиркорлик субъектларининг ўз фаолиятини тугатиш ва тўхтатганлик сабаблари атрофлича муҳокама этилди.
Давра суҳбатида ўз фаолиятида турли қийинчиликларга дуч келаётган тадбиркорлар томонидан кўтарилган масалалар юзасидан мутасадди ташкилот ва идоралар вакиллари томонидан атрофлича тушунтириш берилди. Аниқ амалий ёрдам кўрсатиш бўйича келишувларга эришилди.
Тадбир давомида партия фаоллари томонидан жойларда аниқланган масалалар ечими юзасидан мутасадди ташкилот ва идоралар томонидан аниқ чоралар кўрилиши белгилаб олинди. «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)