Сирдарё вилояти ИИБ ходимлари Гулистон шаҳрида амалга ошириш режалаштирилган босқинчиликнинг олдини олди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Наманган вилоятида яшовчи тўрт нафар муқаддам судланган шахс ўзларини танитмаслик ва из қолдирмаслик мақсадида юзларига ниқоб тақиб, қўлларига хўжалик қўлқопларини кийиб, таёқ, пичоқ ва скотчлар билан қуролланган ҳолда Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри Фарҳод маҳалласида яшовчи фуқаронинг уйига бостириб кирди.
Сирдарё ва Наманган вилояти ИИБ ходимлари томонидан тахминан 02:00 да ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида жиноятчилар далилий ашёлар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан юқоридаги тўрт нафар фуқарога нисбатан Сирдарё вилояти ИИБ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)