Тошкентда Қозоғистоннинг «НК КTЖ» АЖ темирйўл компанияси ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ делегациялари учрашуви якунланди, деб ёзади Kazakhstan Today. Унда аввалроқ икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида Олмаота-Тошкент йўналишида қатновчи №1/2 халқаро йўловчи поездини ишга тушириш тўғрисида эришилган келишувнинг техник жиҳатлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунларига кўра, томонлар имконияти чекланган шахслар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахсларга мўлжалланган ўринлар учун 70 фоизлик чегирма тақдим этиш; юк ташиш тартиби; №1/2 халқаро йўловчи поезди қатновининг даврийлиги ҳақида келишиб олди.
Нашр эслатишича, Наврўз байрами арафасида кенг кузовли янги модификациядаги «Тулпор-Talgo» вагонларидан иборат №1/2 халқаро йўловчи поезди Олмаота—Тошкент йўналишида қатнашни бошлайди.
Поезд Олмаотадан душанба ва шанба, Тошкентдан сешанба ва якшанба кунлари жўнайди. Йўлга сарфланадиган вақт тахминан 16 соат 30 дақиқани ташкил этади. Қатнов йўлидаги тўхташ жойлари: Отар, Чу, Тараз, Чимкент, Сариоғоч ва Тошкент.
Изоҳ (0)