Европа Чемпионлар лигасининг чорак финалига йўл олиш учун «Бавария» Лондоннинг «Арсенал» клуби дарвозасига икки ўйинда 10 та гол уришга муваффақ бўлди. Мюнхен клуби гуруҳ босқичидаги олти беллашувда 14 та гол ура олганди.
Томонларнинг Германиядаги ўйини каби туманли Албиондагиси ҳам 5:1 ҳисоби билан якунланди. 20-дақиқага келиб Тео Уолкотт Арсен Венгер жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса-да, кейинги голлар фақатгина «тўпчилар» дарвозасига киритилди.
Иккинчи бўлимнинг 8-дақиқасида ҳакам Лоран Косельнига қизил карточка кўрсатди, қўшимчасига «Арсенал» дарвозасига пенальти белгилади. Роберт Левандовски 11 метрлик жаримани аниқ амалга ошириб, «Арсенал» футболчиларини руҳан тушириб юборди.
Кейинроқ Арьен Роббен ва Дуглас Коста 1 тадан, Артуро Видаль эса 2 та гол уриб, ҳисобни лондонликлар учун шармандали кўринишга олиб келди.
Маълумот учун, «Арсенал» Чемпионлар лигасининг нимчорак финалидан кетма-кет еттинчи мавсум ўта олмайди. «Бавария» эса Хосеп Гвардиола бошқарувида сўнгги уч мавсум ўз иштирокини ярим финалда якунлаган. Карло Анчелоттининг бу борадаги натижаси қандай бўлишини вақт кўрсатади.
Европа Чемпионлар лигаси 1/8 финал 7 март, сешанба
Изоҳ (0)