Ўзбекистон Олий судида 28 февраль куни Олий суд раиси Шоюнус Ғозиев ҳамда БМТ Резидент координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТТД) Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Суд, БМТТД ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги қўшма лойиҳасининг мутахассиси Жалолиддин Бадалов хабар берди.
Томонлар 2017—2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2016 йил 21 октябрда қабул қилинган «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2017 йил 21 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармонларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ўзаро кейинги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашди.
Тегишли вазифаларни амалга ошириш мақсадида томонлар Олий Суд, БМТТД ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳасининг кейинги босқичидаги асосий ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди.
Учрашув якунида томонлар қўшма лойиҳанинг амалдаги ва келгуси босқичида белгиланган йўналишлар бўйича мавжуд алоқаларни давом эттиришга келишиб олди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)