Россиялик таниқли кино ва театр актёри, режиссёр, «Бригада», «Жмурки», «Остров» каби сериал ва фильмларда бош қаҳрамон образини яратган Дмитрий Дюжев Тошкентга келгани, ўзбекистонлик санъаткорлар — Раъно Шодиева ва Карим Мирҳодиев билан бирга Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг биринчи босқич талабаси Мухлиса Азизованинг ишчи номи «У» («Она») бўлган фильмида суратга тушгани ҳақида аввал ҳам хабар берган эдик.
54 кишилик катта жамоа томонидан суратга олинган мазкур қисқа метражли фильмнинг ёпиқ премьераси бўлиб ўтди. Фильмнинг ёпиқ премьераси фақатгина ижодий жамоа учун мўлжалланган бўлиб, тақдимот Royal Cinema кинотеатрида ўтказилди.
Маълумотларга қараганда, овозлаштириш ҳамда фильмнинг тасвир ечими Москванинг йирик компанияларида амалга оширилган. Россиянинг «Фестагент» компанияси билан фильмни 100 дан ортиқ халқаро фестивалларга юбориш бўйича шартнома имзоланди.
11 дақиқалик фильмни томоша қилганлар орасида «Барон» фильмининг режиссёри Рустам Саъдиев ҳам бор эди. Журналист Феруз Муҳаммад ёш режиссёрнинг фильми ҳақида Рустам Саъдиевнинг фикрларини олди.
Фильм режиссёри кино суратга олишга шунчаки ёндашмаган. Ҳақиқатдан яхши ижодий асар яратаман, соҳани мукаммал ўрганаман, деб яхши, кучли ижодий жамоа йиққан. Астойдил ҳаракат қилгани учун ҳам унинг ишида мақтовга арзийдиган даражада ижодий ўсишни кўрдим.Бир нарсани қўрқмасдан айта оламан — Мухлиса Азизованинг ёнида бирга ўқиётган ҳамкасбларининг олдида унинг салоҳияти ҳам, кинога бўлган қараши ҳам, билим даражаси ҳам анча баланд. У бундан кейин мухлисларнинг тилига тушадиган, миллий, ўзбек характери билан суғорилган катта фильмлар ярата олишига ҳам ишонаман.
Янги қисқа метражли фильм жуда ҳам ажойиб ишланибди. Бу дунёдаги мана ман деган фестивалларда иштирок эта оладиган фильм бўлган, деб ўйлайман. Фильмда профессионал актёр, актрисалар йиғилган, операторлар, умуман энг замонавий монтаж ва овозлаштириш услубларидан фойдаланилган ҳамда энг юқори стандартни кўзлаб ҳаракат қилинган.
Ғоя нуқтайи назардан ҳам ҳеч қандай камчилик кўрмадим. Фильмда операторлар билан ишлаш, ранглар жилоси, жанрлар синтези ва тасвирий ечим — ҳаммаси жуда ҳам ажойиб, бу ёш режиссёримизнинг қўлига фақат ва фақат яхши асарлар тушишини тилаб қоламан.
Рустам Саъдиев, кинорежиссёр
«У» қисқа метражли фильмини тасвирга олиш жараёнидан видеорепортаж
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!