Миллий олимпия қўмитасида 2 март куни Ўзбекистон волейбол федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.
МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов олиб борган конференцияда волейболнинг Ўзбекистондаги аҳволи танқидий руҳда кўриб чиқилган. Сўнгги йилларда мамлакатимизда волейбол спорт турини ривожлантириш, оммавийлигини ошириш, захира спортчиларни тайёрлаб бориш, ёш иқтидорли спортчиларни саралаш, туман-шаҳар ва вилоят мусобақаларини ўтказишга эътибор камайганлиги яққол кўзга ташланиб қолди, деб ёзилган хабарда.
Шундан келиб чиқиб, федерация раҳбариятида ўзгариш амалга оширилган. Унга кўра, «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси бошқаруви раиси Эргаш Шоисматов волейбол федерацияси раиси этиб сайланди.
Бир вақтнинг ўзида «Бунёдкор» футбол клуби президенти ҳам ҳисобланган Шоисматовга биринчи ўринбосар сифатида «Дори-дармон» акциядорлик компанияси бошқаруви раиси Абдуғани Комилов ёрдам беради. Санжар Абдуллаев бош котиб вазифасини бажаради.
Конференция ишида Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов ва МОҚ раиси Алишер Султанов иштирок этган.