Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов тўп сураётган Хитойнинг «Шанхай СИПГ» клуби учинчи расмий ўйинидаги учинчи ғалабасини қўлга киритди. Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 2-турида Австралиянинг «Вестрн Синдей» клубини қабул қилган шанхайлик футболчилар 5:1 ҳисобида зафар қучди.
Беллашув тақдири дастлабки ярим соатликдаёқ ҳал бўлиб улгурди. Одил Аҳмедов доимгидек ўйинни бошланғич таркибда ўтказган бўлса, бирин-кетин бразилиялик легионерлар — Халк, Оскар ва Элкесен гол уриб, яшил қитъа клубини қийин аҳволда қолдирди.
Қайд этиш керак, «Шанхай СИПГ» илк турни «Сеул» майдонида ўтказиб, Халкнинг ягона голи эвазига зафар қучганди. Плей-оффда эса Таиланд клубини 3:0 ҳисобида таслим қилганди.
Гуруҳда «Урава Ред» клуби ҳам 6 очко тўплаган бўлиб, тўплар нисбатига кўра пешқадамлик қилмоқда. Японияликлар илк турда Австралиядан 4:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтган бўлса, 2-турда «Сеул»ни 5:2 ҳисобида енгишга муваффақ бўлди.
Осиё Чемпионлар лигаси «G» гуруҳи. 2-тур 28 февраль, сешанба
Изоҳ (0)