Казуйоши Миура. Япониялик бу футболчини бутун дунёда танишади. Чунки у 50 ёшида ҳам фаолиятини давом эттирмоқда.
Япония иккинчи Жей лигасида иштирок этувчи «Йокогама» ярим аср яшаган Миурага ишонишда давом этмоқда. Янги мавсумнинг 1-турини клуб «Мацумото Ямага» клубига қарши ўтказиб, 1:0 ҳисобида зафар қучди. Казуйоши Миура уни бошланғич таркибда ўтказиб, 65 дақиқа тўп сурди ва майдонни мухлислар қарсаклари остида тарк этди.
«Йокогама» клубини 55 ёшли Ҳитоши Наката бошқариб боради. Мутахассис ўзидан бор-йўғи 5 ёш кичикроқ бўлган шогирдини неча ёшга қадар ўйнатиши аниқ эмас.
Маълумот учун, Миурада бу фаолиятидаги 32-мавсум ҳисобланади. Япония профессионал футболи тарихида унинг каби кекса футболчи бўлмаган. У карьерасини 1986 йил Бразилиянинг «Сантос» клубида бошлаган. Ўз вақтида Европага кўчиб ўтиб, Италиянинг «Женоа», Хорватиянинг «Динамо» клублари шарафини ҳимоя қилган.
Қария футболчи 2005 йил — 38 ёшида «Йокогама» билан шартнома тузганди. Япония терма жамоасидаги фаолиятини Миура 33 ёшида якунлаган бўлиб, 89 та учрашувда 55 та гол уришга муваффақ бўлганди.
Изоҳ (0)