2017 йил 22 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2017—2019 йиллар учун Бош келишув имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати хабар бермоқда.
Келишув иштирокчилари томонидан иқтисодиётни, маҳаллий ишлаб чиқаришни ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини кўтариш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, иқтисодиётда хусусий мулк улушини ошириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, фаолиятнинг барча соҳаларида давлат иштирокини камайтириш бўйича ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга доир ишларни ҳамкорликда амалга ошириш кўзланган.
Шунингдек, фермерлик, деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликларни ривожлантириш, етказиб берилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун самарали ўзаро ҳисоб-китоб механизмларини ишлаб чиқиш ва бу маҳсулотларни саноат асосида қайта ишлаш кўламини кенгайтириш борасидаги ишларни фаоллаштириш назарда тутилган.
Келишувда меъёрий ижодкорлик ва ходимларнинг ҳуқуқий ҳимояси ишларида тарафларнинг биргаликдаги иштироки алоҳида бўлимда акс эттирилди. «Аҳоли бандлигига кўмаклашиш нодавлат ташкилотлари (рекрутинг агентликлари) тўғрисида»ги, «Яраштирув жараёнлари (медиация) тўғрисида»ги, «Давлат хизмати тўғрисида»ги Қонунларни қабул қилиш учун ҳамкорликда таклифлар ишлаб чиқиш бўйича келишиб олинди.
Шунингдек, меҳнат шартномаларини тузмасдан фаолият кўрсатадиган мавсумий ишчилар, шу жумладан, вақтинчалик бир марталик ишларда меҳнат қиладиган шахсларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш назарда тутилмоқда.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)