2016 йилда автомобилларни олиб қочиш билан боғлиқ жиноятлар сони икки марта камайди. Бу ҳақда Тошкент ИИББ раҳбари Баҳодир Қурбонов журналистлар билан учрашувда маълум қилди, деб ёзади «Nuz.uz».
Бошқарма бошлиғи шаҳардаги статистиканинг яхшиланганига ўтган йили жорий этилган янги дастурий таъминот — «Хавфсиз шаҳар» тизими ҳам ёрдам берганини айтди.
«Бундай тизим айни пайтда Марказий Осиё минтақаси бўйича фақат Ўзбекистон пойтахтида мавжуд. Россияда эса у фақат иккита шаҳар — Москва ва Санкт-Петербургда жорий этилган», — дея аниқлик киритди ИИББ бошлиғи.
Дастурий таъминот шаҳарнинг туманларга бўлинган интерактив харитасидан иборат бўлиб, машинани олиб қочишлар, ўғирликлар, босқинчилик ҳужумлари ҳақида келиб тушган хабарлар у ерда акс этади. Шунингдек, харитада барча патруль-пост машиналари турган жойларни кўриш мумкин, бу диспетчер энг яқин экипажни жиноят жойига осонлик билан юбориши учун имконият туғдиради.
Изоҳ (0)