Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни аксиз солиғи солинмасдан олиб киришнинг рухсат этилган меъёрларига мувофиқ умумий оғирлиги 30 граммдан ортиқ бўлмаган қимматбаҳо тошлар ва қимматбаҳо металдан тайёрланган беш донагача заргарлик буюмни олиб киришга рухсат этилади, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.
Тошкент халқаро аэропортида Истанбулдан учиб келган фуқаролар Отабаева ва Сотиболдиева (мақоладаги барча исм шарифлар ўзгартирилган) мазкур тартибларни бузишга уринди. «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ушбу шахслар божхона кўригидан ўтказилганда, уларнинг қинғир қилмишлари фош этилди.
Жумладан, фуқаро Сотиболдиева йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, 294 грамм оғирликдаги тилла ва кумушдан тайёрланган 87 дона заргарлик буюмини қўл юклари орасига яширган ҳолда олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.
Унинг ҳамроҳи Отабоевага эса божхоначилардан яшириб 61 грамм оғирликдаги 10 дона тилла тақинчоқни эгнидаги кийимларининг чўнтакларига яширганча олиб ўтиш режаси наф бермади.
Шунингдек, пойтахт аэропорти божхоначилари Сеул—Тошкент рейси бўйича парвозини якунлаган фуқаро Баҳромовнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйди. Ушбу шахс ҳам божхона назоратидан яширганча уч турдаги 35 дона қўл телефонини олиб киришни кўзлаган.
Худди шундай ҳолат Фарғона вилояти божхоначилари томонидан ҳам аниқланди. Чегарадош ҳудудда ҳаракатланаётган автомашина ўрнатилган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилганда, эр-хотин Содиқовлар қиймати 34,5 миллион сўмлик беш турдаги 45 дона уяли алоқа воситасини белларига боғлаб олганча, қўшни давлатдан олиб киришга урингани аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда. «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)