Футбол бўйича Испания кубогининг финал учрашуви Мадриддаги «Висенте Кальдерон» стадионида бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Sports.ru» испан нашларига асосланиб маълумот берди.
Аввалроқ «Барселона» финалнинг «Реал»га тегишли бўлган «Сантьяго Бернабеу»да ўтишини истаган эди. Бироқ «Қироллик клуби» президенти таъмирлаш ишлари борлигини маълум қилиб, бу истак устига сув сепди. «Алавес» эса Басклар ўлкасида жойлашган «Сан Мамес»ни финал учун муносиб деб топиб, «Атлетик» мухлислари ҳам бунда шу ўлкадан бўлган «Алавес»га мухлислик қилишидан умидвор бўлганди.
Мана шундай тортишувлар вақтида «Атлетико» Испания кубоги финалларининг барчасига мезбонлик қилиш таклифи билан чиқди. Келаси мавсумдан бошлаб Мадрид клуби янги — «Ванда Метрополитано» стадионига кўчиб ўтади. Замонавий арена Испания футбол уюшмасини ҳар йилги муаммо — финал учун стадион излашдан қутқариши, «Атлетико»га эса қўшимча даромад келтириши айтилганди. Шунингдек, Мадриднинг Испаниянинг қоқ ўртасида жойлашгани ҳам футбол жамоалари учун қийинчилик туғдирмасди.
Испания футбол уюшмаси ҳозирча бу қарорни кўриб чиқмоқда. Унга қадар эса 2017 йилги финални «Атлетико»нинг уй аренаси бўлган «Висенте Кальдерон»га тайин қила қолди.
Маълумот учун, «Барселона» ва «Алавес» клублари иштирокидаги беллашув «Висенте Кальдерон»даги сўнггиси бўлиб тарихга киради. Шундан кейин «Атлетико»нинг ўзи расмий учрашувларини «Ванда Метрополитано»да ўтказади.
Изоҳ (0)