2017 йилги мавсумни Тошкентнинг «Локомотив» клубида бошлаши аниқ бўлган «пахтакорчи» Жалолиддин Машарипов ўртоқлик ўйинида майдонга тушди ва гол урди.
«Темирйўлчилар» Туркияда янги мавсум учун тайёргарликни давом эттирмоқда. Клуб матбуот хизматининг хабар беришича, «Локомотив» унинг доирасида биринчи ўртоқлик ўйинида майдонга тушиб, Туркманистоннинг «Олтин Аср» клубини 1:0 ҳисобида мағлуб этган. Учрашувдаги ягона гол жамоанинг янги аъзоси Жалолиддин Машарипов томонидан урилган.
Ўртоқлик ўйини Анталия, Туркия 3 февраль, жума
«Локомотив» — «Олтин аср» (Туркманистон) 1:0
Гол: Жалолиддин Машарипов.Ўз вақтида Тошкентнинг «Пахтакор» ва «Бунёдкор» клублари шарафини ҳимоя қилган туркманистонлик Гочқули Гочқулиев айни вақтда «Олтин аср» клубида катта мураббий. Учрашув давомида у ўзининг собиқ жамоадоши Тимур Кападзе билан суратга тушди.
Маълумот учун, Гочқулиев 7 бор Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган ва 6 марта мамлакат кубогини боши узра баланд кўтарган. У Осиё Чемпионлар лигаси ярим финалига уч бор етиб борган.
Изоҳ (0)