Хуршид Мирзоҳидов Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раҳбарига айланди. Бу ҳақда UzDaily хабар бермоқда.
Мирзоҳидов бунгача Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимида меҳнат қилиб келаётган эди.
Мирзоҳидовга қадар ЎзМТРКга Алишер Ходжаев раислик қилиб келаётган эди.
Хуршид Мирзоҳидов ҳақида
Хуршид Мирзоҳидов 1971 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1995 йили Тошкент электротехника алоқа институтини радиоалоқа, радоиэшиттириш ва телевидение муҳандиси мутахассислиги бўйича, 2004 йили Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиш академияси Олий бизнес мактабини бизнесни бошқариш магистри унвони билан тамомлаган.1994—1999 йилларда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги корхоналарда турли лавозимларда ишлаган. 1999—2001 йилларда Почта ва телекоммуникацияни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасида бўлим бошлиғи ва жамғарма директори лавозимларида ишлаган.
Мирзоҳидов 2001—2002 йилларда «Ўзбектелеком» бош директори ўринбосари, 2002—2003 йилларда Вазирлар Маҳкамаси Алоқа ва ахборот технологиялари комплекси раҳбари котибияти мудири, 2003—2004 йилларда Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори ўринбосари лавозимларида ишлаган.
2004—2006 йилларда Вазирлар Маҳкамаси Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаменти мудири, 2006—2009 йилларда «Ўзпроммашимпекс» компанияси раҳбари лавозимларида фаолият олиб борган.
Хуршид Мирзоҳидов 2009—2010 йилларда ЎзМТРК раиси биринчи ўринбосари, 2010—2012 йилларда Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори биринчи ўринбосари сифатида ишлади.
2012 йилнинг февраль ойида Хуршид Мирзоҳидов Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори этиб тайинланди. Унинг раҳбарлиги остида агентлик дастлаб Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасига (2012 йил, октябрь), кейинчалик Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига (2015 йил, февраль) айлантирилди.
Алишер Ходжаев ҳақида
Алишер Ходжаев қарийб 12 йил ЎзМТРКга раислик қилди. У 1963 йили Тошкент вилоятида таваллуд топган бўлиб, 1985 йили Самарқанд давлат университетини физика ўқитувчиси мутахассислиги бўйича тамомлаган.Ходжаев 1985—1993 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси тизимидаги илмий-текшириш институтлари, ишлаб чиқариш бирлашмаларида фаолият олиб борган. 1993—1996 йилларда NKK фирмасида тизим муҳандиси бўлиб ишлаган.
Алешер Ходжаев 1996 йилдан раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб борган. Жумладан, 1998 йилга қадар «КомУзАзия» компаниясида, 1998—2001 йилларда эса UzPAK компаниясида бош директор лавозимида меҳнат қилган.
2001—2002 йилларда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари, 2002—2005 йилларда Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (ҳозирги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги)нинг раҳбари ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган.
Алишер Ходжаев 2005 йилнинг 15 апрель куни Ўзбекистон Телерадиокомпанияси раиси этиб тайинланган эди. У 11 йил 9 ой давомида ЎзМТРКга раҳбарлик қилди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.