Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бюроси таклифига кўра Италиянинг Турин шаҳрида ўтказилган «Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон мамлакатларининг давлат бандлик хизматлари салоҳиятини ривожлантириш» мавзусидаги ўқув-семинарда қатнашди. Бу ҳақда Федерация матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўқув-семинари Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжондан келган уч томонлама ҳамкорлар — ҳукуматлар, ходимлар ва иш берувчилар вакиллари учун ташкил этилди. Унда меҳнат муносабатлари соҳасида фаолият кўрсатаётган дунё миқёсидаги етакчи мутахассислар ўз тақдимотлари билан қатнашди.
Семинарда иштирокчилар «Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон мамлакатларида бандлик хизматлари», «Меҳнат бозорининг ахборот тизимлари», «Касбга йўналтириш: услубиёт ва усуллар» каби кўплаб мавзулар бўйича маърузалар билан танишди.
ХМТ халқаро ўқув маркази раҳбари ўринбосари Йорданка Цветкованинг таъкидлашича, ўзбекистонлик уч томонлама ҳамкорлар вакиллари ўзларининг юқори даражадаги тайёргарлиги ва меҳнат бозори муаммоларини ҳал этишда ижодий ёндашувини намоён қилди.
Ўқув семинари жараёнида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон вакиллари меҳнат соҳасидаги мавжуд муаммолар ва уларни халқаро тажриба асосида ҳал этиш йўллари тўғрисида фикр алмашди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.