Футбол бўйича Испания кубогининг ярим финалига қуръа ташланди. Унга кўра, Мадриднинг «Реал» клубини турнирдан чиқариб юборган «Сельта» Ла лига дебютанти ҳисобланган «Алавес» билан тўқнаш келадиган бўлди.
Ярим финалнинг иккинчи жуфтлигида «Барселона» ва «Атлетико» клублари ўзаро кураш олиб боради. Томонлар 1 февраль куни Мадрид шаҳрида тўқнаш келса, 8 февраль куни Диего Симеоне ва унинг жамоаси «Камп Ноу»га ташриф буюради.
Маълумот учун, «Барселона» Испания кубогининг амалдаги эгаси ҳисобланади. Бир йил муқаддам Луис Энрике жамоаси финалда «Севилья» билан тўқнаш келиб, рақибини қўшимча дақиқаларда киритилган 2 та гол эвазига таслим қилганди.
«Барселона» ва «Атлетико» клублари жорий мавсум ҳисобидан фақатгина бир марта тўқнаш келиб улгурди. 21 сентябрь куни «Камп Ноу»да бўлиб ўтган чемпионат ўйинида 1:1 ҳисоби қайд этилганди. 26 февраль куни томонлар Мадридда Ла лиганинг 24-тури доирасида тўқнаш келади.
Испания кубоги Ярим финал 1 февраль, чоршанба
«Сельта» — «Алавес»«Атлетико» — «Барселона»
Изоҳ (0)