Uzbek Tigers таркибига киритилмай, кўпчиликни ажаблантирган Рио—2016 ўйинлари чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров АҚШда бўлиб турибди. Бу ҳақда «Оламспорт» маълум қилди.
Нашрнинг қайд этишича, Фазлиддин Ғоибназаров фаолиятини профессионал боксда давом эттириш ҳаракатига тушган. Унга АҚШнинг бир қатор промоутерлик компаниялари таклиф билан чиққани учун, ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси океан ортига жўнаб кетган ва билдирилган таклифларни ўрганиб чиқмоқда. Шу боисдан ҳам у Uzbek Tigers сафида шуғулланмаяпти.
Рио—2016 Олимпиадасида Ўзбекистон делегацияси учун тўртинчи олтин медални тақдим этган Фазлиддин Ғоибназаров мамлакат бокс термасини олимпия ўйинлари якунига кўра умумжамоа ҳисобида пешқадам бўлишини таъминлаганди. Бу эса боксчининг «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланишига сабаб бўлганди.
Изоҳ (0)