18 январь куни Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигида фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимининг аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича 2016 йилдаги асосий тадбирлар режасининг бажарилиши ва 2017 йилдаги устувор вазифаларига бағишланган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда йил якунлари сарҳисоб қилинди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.
Жумладан, таъкидланишича, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш Давлат тизими (ФВДТ) авария-қутқарув отрядлари 2016 йилда фуқароларни қутқариш ва уларга ёрдам бериш учун 3 мингдан кўп ташрифларни амалга оширди.
Ўтган йил давомида 27 та қўмондонлик-штаб ва 317 та тактик-қутқарув машғулотлари ўтказилиб, уларда 302,6 минг киши ва 7700 дона махсус техника иштирок этди. Қутқарувчилар ва махсус техника бирликлари 521 маротаба оммавий сайр ва байрам тадбирлари ўтказиладиган жойларда хавфсизликни таъминлаш мақсадларига жалб қилинди.
Хавфли гидрометеорологик ва геологик ҳодисалар кузатилиши мумкин бўлган жойларда 69 та назорат-кузатув постлари ўрнатилиб, зарур алоқа воситалари билан таъминланди. Энг хавфли участкалардан 256 та хўжалик вақтинча кўчирилди.
«Тошкент–Ўш» йўлининг «Қамчиқ» довони орқали ўтган участкасида автотранспорт воситалари ва йўловчиларнинг узлуксиз ва хавфсиз ўтишини таъминлаш учун 15 та механизацияланган отрядларнинг эртаю-кеч ишловчи навбатчилиги ташкил этилди.
Сел, сув тошқинлари, ер кўчкиси билан боғлиқ фавқулодда вазиятларни олдини олиш борасида ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ўтган йил давомида республиканинг тоғли ҳудудларидаги қор захираларини ва баланд тоғли кўлларнинг ҳолатини баҳолаш ҳамда қор кўчкиси ва сел хавфи мавжуд ҳудудларни аниқлаш мақсадида етти маротаба аэровизуал кузатув ишлари амалга оширилди. Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида дарё ва сойларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш ва ўзанларини тозалаш бўйича 1362,6 минг метр куб тупроқ, 91,4 минг метр куб тош иши, 8,2 минг метр куб бетон иши ва 172 тонна металл ишлари амалга оширилди. Бу ишларга 20 миллиард сўмдан зиёд бюджет маблағлари сарфланди.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган «Ёш қутқарувчи» кўнгиллилар клублари ўртасида шаҳар ва туман, вилоят ҳамда республика босқичи мусобақалари ўтказилди. Унда 1193 та ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларининг 14 минг 102 нафар ўқувчилари, 2132 та умумтаълим мактабларининг 17 минг 42 нафар ўқувчилар жалб этилди.
Изоҳ (0)