Лондон поезди темир йўл бўйлаб сайр қилаётган оққуш туфайли секин-аста ҳаракатланишга мажбур бўлди, деб ёзади TJournal.
Лондоннинг маъмурий қисмига кирувчи Теддингтон шаҳрида тонгги 9:30 атрофида темир йўлга оққуш чиқиб олди. Оқибатда унинг ортида ҳаракатланаётган поезд машинисти уч километрга яқин масофани паст тезликда босиб ўтишга мажбур бўлди.
Платформада транспорт воситасини кутаётган кишилар оққуш ва унинг ортидан секин ҳаракатланаётган поездни кўриб, кула бошлади ва юз берган ҳодисани суратга туширди.
Бундан норози бўлганлар ҳам топилди — бир эркак рельсга сакраб қушни чўчитишга уринди. Бироқ оққуш унга парво қилмасдан, сайрни давом эттирди.
Ҳодиса бошлангандан тахминан бир соатдан сўнг темир йўл хизмати ходимлари қушни йўлдан олди ва поезд одатдаги режимда ишини давом эттирди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)