Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров яқинда ҳалок бўлган Алихан Музаев қўриқчиси экани ҳақидаги хабарларни инкор қилди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
Бир муддат илгари Қодировнинг қўриқчиси Алихан Музаев ўлдирилгани ва дафн этилгани билдирилган эди.
Ёзилишича, у қишлоқдошлари билан бирга ҳукуматга қарши исён тайёрлаган ва, ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олингач, қаршилик кўрсатиш чоғида отиб ташланган.
Аммо Қодиров бу гаплар ҳақиқатга мос эмаслигини таъкидлади.
«Музаев ҳеч қачон ЧР раҳбари қўриқчилари сафига кирмаган, ҳукумат ҳудудига яқинлашмаган. Унга аҳоли яшаш жойларидан ташқаридаги хўжалик биноларини қўриқлаш топширилган эди», — таъкидлади Қодиров.
Унинг айтишича, Музаев 13 йил муқаддам жиноий тўдаларга кўмак беришда гумонланиб ушланган. Ўшанда у ҳуқуқ-тартибот органларига ёрдам берган. Шундан буён у назорат остида эди.
«Бу у билан алоқага чиққан 15 жиноий гуруҳ аъзосининг шахсини аниқлаш имконини берди», — қўшимча қилди Қодиров.
Яқинда у жангарилар билан алоқага чиққани аниқланганидан сўнг қишлоққа куч тузилмалари вакиллари жўнатилди, аммо қўлга олиш чоғида гумондор тўппонча чиқариб, ўзига ўқ узди.
Изоҳ (0)