Диего Коста
«Челси» асосий ҳужумчиси бўлган Диего Костани ёзда сотиб юборади. Бош мураббий Антонио Конте асли бразилиялик бўлган, кейинроқ Испания фуқаролигини қабул қилган футболчини ўз ўрнига қайтаришга шошилаётгани йўқ.«Sports.ru» нашрининг хабар беришича, Коста ўз устида икки баробар кўпроқ меҳнат қилиб ҳам, Контенинг меҳрини қайтиб олиши қийин бўлади. Италиялик бош мураббий Коста мисолида қолган футболчиларга жамоада алиштириб бўлмас футболчининг ўзи йўқлигини тушунтириш ниятида. Энг асосийси, Роман Абрамович ҳам мутахассис фикрларини қўллаб-қувватламоқда.
Қайд этиш керак, Костага Хитой клублари яхшигина таклиф билан чиққач, футболчи ўзлигини унутди ва машғулотларга енгил назар билан қаради. Бироз кейинроқ эса «Челси»дан унинг шароитларини янада яхшилашни талаб қила бошлади.
Маълумот учун, Премьер-лиганинг «Лестер»га қарши кечган сўнгги турида Конте ҳужумчини майдонга туширмай туриб ҳам, рақибини 3:0 ҳисобида мағлуб этишга муваффақ бўлганди.
Костага ким даъвогар?
«Sports.ru» маълумотига кўра, Испаниянинг «Барселона» ва «Атлетико» клублари Костани ўз юртига қайтариш масаласини кўриб чиқмоқда. Каталония клуби бу борада ҳаракатни бошлаб юборган. «Атлетико» эса ўзининг собиқ футболчисини қайта қўлга киритиш режасини ишлаб чиқмоқда.Тахминларга кўра, Мадрид клубининг асосий ҳужумчиси Антуан Гризманн ёзда катта эҳтимол билан «Манчестер Юнайтед» сафига кўчиб ўтади. Бу ҳолат эса «Атлетико»ни Диего Костанинг даъвогари бўлишга ундайди. Аввалроқ футболчининг хизматидан фойдаланиш истагида бўлган Хитой клуби йилига 30 миллион евро маош таклиф қилаётгани айтилганди.
Мемфис Депай
«Манчестер Юнайтед» 2015 йилда «ПСВ»дан сотиб олинган Мемфис Депайни сотиб юборишга қарши эмас. Клуб футболчига нарх ҳам белгилади — 17,5 миллион фунт.Аввалроқ Франциянинг «Лион» клуби икки бор таклиф билан чиқиб, Депай учун 11 ва 13 миллион фунт ваъда қилган ва ҳар икки сафар ҳам рад жавобини олганди. Қайд этиш керак, Депай «Юнайтед» учун 25 миллионга тушган.
Луи Ван Гал
Мемфис Депайни Англияга олиб келган мутахассис Луи Ван Гал мураббийлик фаолиятини якунлагани ҳақида эълон қилди.Ўтган йили мен карьерамни батамом якунлаш ҳақида ўйлай бошлагандим. Кейин эса бу қарорни кичик таътил олиш билан чекланишга ўзгартирдим.Ҳозир тушуниб етяпманки, энди мураббийлик ишига қайтмаслигим керак. Сўнгги вақтларда оилам билан боғлиқ кўп ишлар бўлиб ўтди. Бу эса менга огоҳлантирувчи қўнғироқ дея қабул қилдим.
Луи Ван Гал, мураббий
Луи Ван Гал мураббий сифатида «Аякс» ва «АЗ Алкмаар» клублари билан жами 4 бор Голландия чемпионлигини қўлга киритган. «Барселона»ни икки бор Испания, «Бавария»ни эса 1 бор Германия чемпионлиги сари етаклаган. Юқоридаги мамлакатларда, шунингдек, Англияда кубок соҳибига айланган.
Мураббий «Аякс» билан Европа чемпионлар лигаси ва УЕФА кубогида зафар қучган. Ташкилот Суперкубогида муваффақият қозонган.
«Сити»га дарвозабон керак
«Эвертон»га қарши ўйинда 4 та аниқ зарбадан кейин 4 та гол қабул қилиб олган «Манчестер Сити» клуби устози Хосеп Гвардиола дарвоза чизиғидаги рақобатни кучайтиришга бел боғлади, деб ёзди «Sports.ru».Катта эҳтимол билан Вилли Кабальеро «шаҳарликлар» билан шартномасини узайтирмайди. Бу ҳолатда Клаудио Браво билан рақобатлашадиган кучлироқ посбон керак бўлади.
Аввалроқ Гвардиола «Сити»нинг асосий дарвозабони Жо Хартни керак эмасга чиқарганди, орадан кўп ўтмай эса ўзи дарвозабон муаммосига дуч кела бошлади.
Изоҳ (0)