Сўнгги йилларда ҳаж зиёратига бориш истагини билдирганларнинг сони ошиб бораётгани эътиборга олиниб, 2017 йилдан ўзбекистонлик фуқаролар учун ҳаж квотаси 7200 нафар қилиб белгиланди. Илгари бу кўрсаткич 5200 нафар эди, деб хабар беради Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита.
Бундан ташқари, бир ва ундан ортиқ марта ҳаж ва умра сафарларига борган шахсларнинг зиёратларга бориши кечиктириб туриладиган бўлди.
«Ўзбекистон мусулмонлари идораси, ‘Нуроний’ жамғармаси, ‘Маҳалла’ фонди таклифларига биноан ҳамда ўзбек халқининг бағрикенг ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб, жорий йилда мазкур кенгаш томонидан бир ва ундан ортиқ маротаба ҳаж ва умра сафарларига борган шахсларнинг муборак зиёратларга бориши кечиктириб турилиши ҳақида қарор қабул қилинди», — дейилади хабарда.
Мазкур қарорнинг қабул қилинишида республика миқёсида умра ва ҳаж сафарларига бориш истагини билдирган фуқаролар сонининг тез суръатларда ортиб бориши, мустақиллик йилларида фуқаролар турмуш даражасининг юксалиши, аҳоли сонининг ўсиши, улар томонидан ҳаж ва умра сафарларига бориш истагида амалий ёрдам сўраб кўплаб мурожаатлар қилиниши ҳам эътиборга олинди.
«Умид қиламизки, юртдошларимиз ҳаж ва умра ибодатларини адо этмаган фуқароларга кенг имкониятлар яратиб бериш мақсадида Жамоатчилик кенгашининг умра ва ҳаж сафарларини ташкил этиш билан боғлиқ бу йилги қарорини тўғри тушунадилар», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)