Қатар пойтахти Доҳада қишки йиғин ўтказаётган Хитойнинг «Шанхай СИПГ» футбол клуби ўзининг иккинчи ўртоқлик ўйинида майдонга тушди. Бу ҳақда «Championat.asia» нашри маълумот берди.
Рақиб Бельгия чемпионати вакили «Эйпен» бўлиб, Одил Аҳмедов учрашувнинг бошланғич таркибидан жой олмади. Оскар ва Халк эса аксинча, дастлабки 11 нафар футболчи орасига киритилди.
Иккинчи бўлимга келиб Виллаш-Боаш Одил Аҳмедовни майдонга туширди. Эътиборли жиҳати, учрашув якунига қадар Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Хитой клуби футболчиларига ҳам сардорлик қилди.
Ўйин Бельгия клубининг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етди. Ундаги ягона гол 77-дақиқага келиб пенальтидан киритилди. Муаллиф — Флориан Толемас.
Маълумот учун, «Эйпен» Қатар йиғини доирасидаги биринчи ўртоқлик ўйинини Германиянинг «Бавария» клубига қарши ўтказган ва 0:5 ҳисобида имкониятни бой берганди. «Шанхай СИПГ» эса «Эйпен»га қадар Саудиянинг «Ал-Батин» клубини 2:1 ҳисобида таслим қилган бўлиб, Одил Аҳмедов беллашувни бошланғич таркибда ўтказган, Оскар ҳамда Халк эса иккинчи бўлимга келиб майдонга чиқарилганди.