Амстердам аэропортида полиция ходимлари нидерландиялик журналистдан Малайзия «Боинг»ининг бўлакларини олиб қўйди. Михел Спеккерс бу буюмларни Украина шарқида, лайнер ҳалокатга учраган ердан териб олган эди, деб хабар беради Meduza.
Шунингдек, Спеккерс инсон суякларини ҳам топган эди — полиция бу ашёларни ҳам олиб қўйди.
Бундан ташқари, полициячилар журналистнинг видеокамераси, телефони ва компьютерини олиб қўйгани айтилмоқда.
Михел Спеккерс Украина шарқига йўл олиб, у ерда минтақанинг кундалик ҳаёти ҳақида ҳужжатли фильм туширган эди. Маҳаллий аҳоли вакиллари унга самолёт парчалари яқин атрофда сочилиб ётганини хабар қилди. Журналист бу ҳикояларнинг ҳаққонийлигига воқеа жойида амин бўлди.
Спеккерс Нидерландияга бўлакларнинг кам қисмини олиб келганини тан олди.
Boeing 777 самолёти айирмачилар назорати остидаги Шарқий Украина осмонида 2014 йил 17 июлида уриб туширилди. Бунинг оқибатида унинг бортидаги 298 киши ҳалок бўлди.
Изоҳ (0)