«Кафолат суғурта компанияси» АЖ Тошкент шаҳридаги Инҳа университети билан ҳамкорликда инновацион суғурта марказини ташкил этади. Бу ҳақда «Дарё»га IUT матбуот хизмати маълум қилди.
«Кафолат суғурта компанияси» АЖ ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) англашув меморандумини имзолади. Ушбу ҳужжат доирасида томонлар IUT биносида инновацион суғурта марказини ташкил этади. Марказ суғурта бизнесини автоматлаштиришга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширади. Мазкур лойиҳа IUT талабаларининг турли технологиялар ва дастурлардан фойдаланган ҳолда суғурта бизнесининг турли йўналишлари учун дастурлашга боғлиқ кўникмаларини янада яхшилашга кўмак беради.
Меморандумга асосан, лойиҳа 2017–2018-ўқув йили давомида амалга оширилади.
Мемораднум доирасида «Кафолат суғурта компанияси» АЖ суғурта компаниясининг фаолиятида фойдаланиш мумкин бўлган IUT талабаларининг махсус дастурлари, дастурий маҳсулотлари ва ечимларини кўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
«Биз Ўзбекистон суғурта бозорининг етакчи компанияларидан бири билан ҳамкорлик қилишдан хурсандмиз. Бу ўз навбатида юқори малакали IT-мутахассисларни, шу жумладан, суғурта соҳаси учун, тайёрлашга кўмак беради. Марказнинг яратилиши суғурта бозорига инновацион ва ахборот технологияларни татбиқ этишга кўмак беради, бу эса ўз ўрнида АКТ ва суғурта бозорларини ривожлантиришга туртки бўлади», — деди IUT ректори Сарвар Бабаходжаев.
Таъкидлаб ўтиш керакки, «Кафолат суғурта компанияси» АЖ ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети муваффақиятли ҳамкорлик амалиётига эга. 2016 йилда томонлар талабалар ўртасида суғурта компаниясининг мобил дастурини тайёрлаш бўйича танлов ўтказди. Танлов давомида IUT талабалари Android ва iOS платформаларида «Кафолат суғурта компанияси» АЖнинг мобил дастурларини яратди ва жорий этди.
Изоҳ (0)