Испаниянинг «Валенсия» футбол клубини бошқараётган италиялик мутахассис Чезаре Пранделли 3 ой деганда тақдирга тан берди. Бу ҳақда «Чемпионат» клуб расмий сайтига асосланиб хабар берди.
59 ёшли мутахассис «кўршапалаклар»ни октябрь ойида қабул қилиб олганди. Ла Лига турнир жадвалида 17-ўринни эгаллаб турган «Валенсия» ҳам сўнгги бор октябрда «Спортинг» устидан зафар қучган — 2:1. Кейинчалик бўлиб ўтган етти ўйинда Пранделли жамоаси 3 та дуранг қайд этди ва 4 тасида имкониятни бой берди.«Валенсия» расмий сайтида қайд этилишича, Пранделлининг ўзи истеъфо сўраб мурожаат қилган. Аслида унинг шартномаси 3 йилга мўлжалланганди.
«Жамоа турнир жадвалидаги муаммолар билан ўралашиб юрган бир вақтда Чезаре Пранделли кутилмаганда ариза ёзди. Мураббий жамоани кучайтира оладиган аҳволда эмаслигини қайд этди. Қишки трансфер давомида бир қатор ўзгаришларга тайёргарлик кўраётган вақтимизда, унинг истеъфоси қўққисдан бўлди», — деб ёзилган клуб баёнотида.
Ваҳоланки Пранделлининг 4 та мағлубиятини тушунса бўларди. Жамоа мавсумни яхши ўтказаётган ва совринли ўринлар учун кураш олиб бораётган «Барселона», «Севилья», «Реал Сосьедад» каби жамоаларга кичик ҳисобларда имкониятни бой берганди.
Маълумот учун, Пранделли ўз вақтида Италиянинг «Аталанта», «Верона», «Парма», «Рома», «Фиорентина», Туркиянинг «Галатасарой» клубларида ишлаган, 2010/14 йиллар давомида Италия терма жамоасига устозлик қилган. У Италия терма жамоасини Евро—2012 финалига қадар олиб чиққан.
Аввалроқ Ла Лига клубларидан «Малага» ҳам бош мураббий истеъфоси билан тўқнаш келганди.
Изоҳ (0)