27 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ОАВ орқали диний-маърифий мавзуларни ёритишда фаол иштирок этган ижодкорларни тақдирлаш бўйича анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Сарҳисоб» танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га танлов ташкилотчилари маълум қилди.
«Сарҳисоб» танлови Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети, Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов нутқ сўзлади.
Тадбирда телевидение, радио, матбуот ва интернет йўналишларида энг яхши деб топилган ижодий ишларнинг муаллифлари ҳамда соҳада алоҳида намуна кўрсатган тарғиботчилар махсус диплом ва ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан мукофотланди. Тинчлик ва осойишталикни қадрлаш мавзусидаги энг яхши ижодий иш муаллифи «Сарҳисоб»нинг бош мукофоти билан тақдирланди.
Ғолиблар танлов ташкилотчиларига ўз миннатдорликларини изҳор этиб, ушбу юксак баҳо уларни диний-маърифий соҳадаги ижодий ишларини янада фаоллаштиришга ундашини таъкидлади.
Тадбир доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Мовароуннаҳр», Тошкент ислом университети нашриёти ва «Ҳилол нашр» матбуот уйлари томонидан чоп этилган янги нашрлар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Изоҳ (0)