Ўзбекистон Меҳнат вазирлигида ЮНДАФ (Ўзбекистон ҳукумати ва БМТ агентликларининг ҳамкорлик бўйича ҳадли дастури) ижтимоий ҳимоя бўйича ишчи гуруҳининг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда UzReport хабар бермоқда.
Тадбирда вазирлик ва идоралар, ногиронлар жамоат ташкилотлари, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, БМТ Тараққиёт дастури, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНФПА вакиллари иштирок этди.
Учрашувда 2016–2020 йилларда Ўзбекистонда ногирон инсонлар фаровонлигини янада ошириш бўйича қўшма дастур реализацияси масаласи муҳокама қилинди. Айни пайтда дастурнинг тайёргарлик босқичи — вазият таҳлили давом этмоқда. Унинг асосида соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, ногирон болалар ва катталарни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳаларидаги илғор хориж тажрибаси ва ресурсларини жалб қилиш бўйича конкрет тадбирлар ишлаб чиқилади.
Ишчи гуруҳ ҳамраиси, меҳнат вазири А. Абдуҳакимов ишлаб чиқилаётган «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури доирасида ногирон инсонлар фаровонлиги масалалари алоҳида долзарблик касб этишини қайд қилиб ўтди. Давлат дастурининг Президент томонидан кўрсатилган устувор йўналишларидан бири барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яратишдир.
ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги раҳбари, ишчи гуруҳ ҳамраиси С. Грауманн ривожланиши бузилган болалар ва уларнинг оилаларига ўз вақтида комплекс ёрдам бериш муҳимлигини таъкидлаб ўтди, бу ногиронлик оқибатларини юмшатиб, болаларга ўз салоҳиятини тўлақонли амалга ошириш имкониятини бериши айтилди.
БМТ агентликларининг ногиронлик масалалари бўйича халқаро эксперти др. Мужтаҳидий таҳлил ўтказиш методологияси юзасидан ҳисобот қилди. Ўзининг илк ташрифи якунларига кўра мутахассис ҳаракатланишда қийинчиликлари мавжуд инсонлар учун қулай муҳитни ривожлантирилаётганини айтиб, Ўзбекистонни бошқа кўпгина мамлакатларга бу борада намуна қилиб кўрсатиш мумкинлигини таъкидлади. Эксперт меҳнат, соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва молия вазирликлари, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ходимларига профессионаллик ҳамда вазият таҳлилини ўтказиш методикасини ишлаб чиқишдаги кўмаги учун миннатдорлик билдирди.
Изоҳ (0)