2015 йил якунларига кўра АҚШ ривожланаётган мамлакатларга ҳарбий қурол-яроғ ва буюмлар сотиш бўйича биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
АҚШ Конгрессининг Тадқиқот хизмати (Congressional Research Service, CRS) чоп этган ҳисоботга кўра, ўтган йили АҚШ ривожланаётган мамлакатларга 11,9 миллиард долларлик қурол-яроғ етказиб берган. Бу жаҳон миқёсидаги сотув ҳажмининг 35,42 фоизини ташкил қилади.
Россия ва Франция иккинчи ўринни эгаллади. Уларнинг кўрсаткичи — 6,2 миллиард доллар, ёки жаҳон қурол-яроғ бозори умумий ҳажмининг 18,45 фоизи.
Шунингдек, АҚШ ривожланаётган давлатлар билан имзоланган ҳарбий шартномалар ҳажмига кўра ҳам биринчи натижани қайд қилди — 40,2 миллиард доллар ёки 50,29 фоиз. Мамлакатнинг 2014 йилги кўрсаткичи 36,1 миллиард долларга тенг эди.
Бу кўрсаткич бўйича иккинчи натижани Франция қайд қилди — 15,3 миллиард доллар ва 19,16 фоиз. 2014 йилда Франция 5,7 миллиард долларлик шартномалар имзолаган эди.
Изоҳ (0)