Oversize палто (керагидан бироз катта ўлчамдаги) дизайнерлар учун ҳақиқий топилмага айланди. 80 йилларнинг услуби яна оммалашди. Ўшанда елкалари кенг, пастга қараб торайган палтоларни кийиш урф бўлган.
2016 йилда уни кўплаб дизайнерлар — Ralph Lauren’дан Gucci’гача ўз либослар тўпламида акс эттирди. Агар ўзига ишонган ва эътибор марказида бўлишдан чўчимайдиган инсон бўлсангиз, тор кийимлардан воз кечиб, кенг ва қулайроғини танлашни тавсия этамиз.
Кенг палто билан комплект ҳосил қилишда ранг асосий жиҳатлардан бири ҳисобланади. Оқ билан қора ҳамда кулрангни уйғунлаштириш аллақачон классикага айланиб улгурган. Агар назокатлироқ кўринишни истасангиз оч рангларни (пушти, мовий, шафтолиранг) танлашни тавсия этамиз.
Замон билан ҳамнафас кўриниш учун палто ичидан кийган либосингиз ундан бироз калтароқ бўлиши зарур. Бу катта ўлчамдаги палто остида нозик қомат яширинганлигига урғу беради. Бундай палто билан тор кўйлак (футляр-кўйлак) ва пастга қараб торайган юбка (юбка-карандаш) ажойиб тарзда мос тушади.
Шунингдек, пастки қисми торайтирилган джинси (скиннй) шим ҳам oversize палто билан ҳақиқий уйғунлик ҳосил қилади.
Оёқ кийим учун классик ботилён ёки бир рангдаги пошнали этикда тўхталишни тавсия этамиз. Қолаверса, бундай услубга ботфортлар ҳам мос келади. Бироқ катта ботинкалардан воз кечинг.
Oversize услубидаги палто қўшимча безак ва ортиқча аксессуарларга муҳтож эмас. Бундай образга бир рангдаги шарф ёки шляпа романтик кайфият бағишлай олади.
Сумка масаласига келсак, унинг ўртача ўлчамдагисини танланг, зинҳор жуда каттасини эмас.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)