Тошкентнинг «Обод» футбол клуби билан шартнома имзолаган Рауф Инилеев янги жамоасини Англия чемпиони «Лестер»га ўхшатди.
«Аввал ҳам клуб ўйинларини кузатиб борардим. ‘Обод’ менга жуда ёқади. Масалан ман бошқарган жамоалар Олий Лигага икки марта чиқиб, биринчи йилиёқ жойига қайтиб тушганди. ‘Обод’ эса ҳарактер кўрсатиб, Олий Лигада қолди», — деб айтиб ўтган Рауф Талгатович.
«Жамоани бекорга ўзбекнинг ‘Лестер’и дейишмайди. Бу ёқимли. ‘Обод’ сафида асосан ёш футболчилар тўп суради. Мана, тўпурар ҳужумчи пайдо бўлган. Шоҳруз Норхонов ҳатто терма жамоадан ҳам таклиф олди».
Аввалроқ «Championat.asia» нашри Шоҳруз Норхоновни «Пахтакор» сўраётгани ҳақида хабар қилганди. Буни «Обод» клуби матбуот хизмати ҳам тасдиқлаган.
Рауф Инилеев қўли остида кучли футболчиларни кўришни истайди. Бироқ «Обод»нинг фалсафаси бироз бошқачароқ деб таъкидлаган Инилеев.
«Таркибни кучайтириш? Ҳамма мураббий кучли футболчини истайди. Аммо клуб сиёсати шундан иборатки, кўпроқ ёш футболчиларни тарбиялаш керак. Бусиз илож йўқ».
«Обод»ни «Лестер» билан қиёслаган Рауф Инилеевнинг ўзи Клаудио Раньери бўла оладими ёки йўқ, ойдинлик киритмаган.
Маълумот учун, «Обод» Олий Лигадаги биринчи мавсумида 14-ўринни эгаллаб, 1-лигага тушиб кетишдан омон қолганди. Англиянинг «Лестер» клуби ҳам 2014/15 йилги мавсумни 14-ўринда якунлаган. Жамоани Клаудио Раньери қабул қилиб олган келаси мавсумда эса мамлакат чемпионлигини қўлга киритган.
Изоҳ (0)