Шу йилнинг 20 ноябрь тунида Колумбия томон йўл олган ва ўз бортига «Шапекоэнсе» футболчиларини жойлаган самолёт ҳалокатга учраганди. 71 нафар йўловчиси ҳалок бўлган самолётдан фақатгина 6 киши омон қолди. Улар орасида «Шапекоэнсе» футбол клуби ҳимоячиси Алан Рушель ҳам бор эди, деб ёзди «Meduza».
Аввал 1 дақиқага ҳам бормайдиган мана шу видеони томоша қилинг. Бунда испан ёки португал тилини тушуниш масаласи ҳеч қандай рол ўйнамайди.
Бу «Шапекоэнсе» ҳимоячиси Алан Рушель. Авиаҳалокатдан кўп ўтмай, ундан омон қолганлар орасида нисбатан камроқ жабрлангани айтилган футболчи. Даҳшатли воқеадан кейин Рушелнинг қўллари, оёқлари, боши лат еганди, умртқа поғонасига азият етганди. Бироқ буларнинг ҳеч бири футболчининг ҳаётига раҳна сола олмади. Воқеа жойига қутқарувчилар етиб келганида Рушель ўзида эди. У биринчи бўлиб йўқотиб қўйган никоҳ узугини топиб беришларини сўради.
17 декабрь куни Рушель қандай қилиб омон қолгани ва самолётда нималар бўлгани ҳақида сўзлаб беришга куч топди. Ҳимоячининг сўзларига кўра, у самолётнинг дум қисмидан жой олган. Учиш вақти яқинлашганида клуб менежери Каду Гаучо келиб, Рушелдан жойини ўзгартиришни сўраган. Унинг фикрига кўра, футболчилар билан бир самолётдан жой олган журналистларнинг ўзи алоҳида гуруҳ бўлиб ўтириши керак эди.
Аввалига Рушель жойини алмаштиришни истамади. Уни эса дарвозабон Жексон Фолманн кўндирди, унинг олдида бўш жой бўлгани учун ҳам жамоадошини таклиф қилди. Якунда эса уларнинг ҳар иккиси ҳам тирик қолди. Гарчи ҳалокатдан кейин шифокорлар Фолманнинг оёқларини кесиб ташлаган бўлса ҳам.
«Менинг қандай қилиб омон қолганимни фақатгина Худо тушунтириб бериши мумкин. У менга иккинчи бор имконият берди», — дейди Рушель.
Матбуот анжуманида футболчи ҳалок бўлган жамоадошларининг оила-аъзоларини кўриш истагини билдирди. Шунингдек, футболга қайтишни режалаштираётгани ҳақида айтиб ўтди. Битта жамоага — «Шапекоэнсе»га.
Изоҳ (0)