Тошкентнинг «Локомотив» футбол клуби мамлакат Олий Лигасида ўзини кўрсатаётган легионер футболчиларни ўз сафига қўшишда давом этиши мумкин.
«Championat.asia» нашрининг хабарига кўра, «темирйўлчилар» «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қилган хорватиялик футболчига қизиқиш билдирган. Шу боисдан Юрица Булят катта эҳтимол билан «Локомотив»да пайдо бўлиши мумкин.
Аввалроқ «Бунёдкор» клуби бош директори Бахтиёр Бобоев ишончни оқламагани учун барча легионер футболчиларга жавоб берилганини айтиб ўтганди. Қайд эриш керак, Булят «Бунёдкор» сафида 25 учрашув ўтказиб, 10 та сариқ карточка ишлаб олган.
«Локомотив» ўтган мавсум ўзига рақобатчи бўлган «Пахтакор» ва «Насаф» клубларидан 1 нафардан легионерни ўз сафига қўшиб олганди. Ўзбекистонга илк ташрифида «Локомотив» либосини кийиб, кейинги уч йилини «Пахтакор»да ўтказган грузиялик Кахи Махарадзе 2016 йил аввалида яна «Локомотив»га қайтиб, клубнинг олтин дубл қайд этишига ёрдам берди.
Якунига етган мавсумнинг ўртасида эса «темирйўлчилар» «Насаф»нинг туркманистонлик легионери Артур Геворкянни қўшиб олганди. Геворкян Ўзбекистон миқёсидаги жамоавий ва шахсий совринларнинг барчасини ютиб олган ягона футболчи ҳисобланади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Олий Лигаси ва Осиё Чемпионлар Лигасида 3 нафар хорижий ва 1 нафар осиёлик футболчи тўп суриши мумкин. «Бунёдкор»дан Юрица Булят ҳам олиб келинса, «Локомотив»нинг бу лимити ҳозирча тўлади.
Клубда Артур Геворкян осиёлик легионер сифатида тўп сураётган бўлса, Сербиядан Неманя Яничич ҳамда Грузиядан Кахи Махарадзе ҳам бор. Клуб бу футболчиларнинг қай бири биландир хайрлашгани борасида ахборот тақдим этмаган.
Осиё Чемпионлар Лигасининг 2017 йилги мавсумига қуръа ташлаш маросимидан кейин «Локомотив» футболчилари ярим финал маррасини кўзлаётгани ҳақида айтиб ўтганди.
Изоҳ (0)