15 декабрь куни Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари 18-сессияси бўлиб ўтди. Унда Президент маслаҳатчилари, ҳукумат вакиллари, вазирлик ва идоралар, корхоналар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сессияда маъруза қилди, деб хабар беради UzReport.
Ўз чиқишида Президент, мавжуд имкониятларга қарамай, Тошкент вилояти салоҳияти ҳозирга қадар охиригача ишлатилмай келаётганини таъкидлаб ўтди. Давлат раҳбари бир нарсани очиқ тан олиш кераклигини — вилоят социал-иқтисодий аҳволи қониқарсиз эканини айтди. Бош вазир виртуал қабулхонасига келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар шундан далолат бермоқда. Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар сони 18 мингдан ошди. Мурожаатларнинг 99 фоизи туман ва вилоят ҳокимлари фаолиятига оиддир.
Шунингдек, давлат раҳбари яқин истиқболда вилоятни ривожлантириш борасидаги режаларни маълум қилди. Хусусан, яқин уч йилда Юқори Чирчиқ туманида пахта далаларини босқичма-босқич қисқартириш режалаштирилмоқда. Қибрай, Янгийўл ва Зангиотада жойлашган фермер хўжаликлари ерларини оптимизация қилиш йўли билан 2–3 гектар майдонга эга мева-сабзавотга ихтисослашган фермер хўжаликлари ташкил этилади. 10 минг тонна ҳажмга эга музлаткич камераларига эга замонавий логистика марказини ташкил этиш мақсади ҳам ошкор этилди.
Тошкент вилояти раҳбариятига аниқланган камчиликларни бартараф этиш, барча соҳа ва тармоқларни ривожлантириш дастурлари реализацияси ва самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш топширилди.
Сессияда ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг тақдимига биноан Бобоев Шукурулло Ҳабибуллаевич Тошкент вилояти ҳокими сифатида тасдиқланди.
Изоҳ (0)