Аргентина футболи афсонаси Диего Марадона югуриш йўлакчасида 12 километр югуришга муваффақ бўлди, деб хабар бермоқда «iSport.ua».
56 ёшли собиқ футболчи югуриш йўлакчасида югураётгани акс этган видеолавҳани Facebook’даги саҳифасига жойлади ва унга «Келаётган байрамлар учун шуғулланяпман» дея изоҳ берди. Марадона, катта эҳтимол билан, Рождество ва Янги йил байрамини назарда тутган.
Хабарда қайд этилишича, Марадона 12 километр масофани 75 дақиқада босиб ўтди. Шу йўл орқали у ўз мухлисларига яхши жисмоний ҳолатда эканини кўрсатиб беришга уринган. Югуриш чоғида у қўшиқ остида рақсга ҳам тушган.
Маълумот учун, Диего Марадона 1976–1997 йиллар давомида профессионал футболчилик билан шуғулланган. Карьераси мобайнида у «Бока Хуниорс» (1976–81 ва 1995–97 йиллар), «Барселона» (1982–1984), «Наполи» (1984–1991), «Севилья» (1992–1993) ва «Ньюэллс Олд Бойз» (1993–1994) клубларида тўп сурган.
Марадона Аргентина термаси сафида 1986 йилги жаҳон чемпионати ғолиби, 1990 йилги жаҳон чемпионатининг кумуш медаль совриндори бўлган. Мамлакат термаси сафида 91 ўйинда майдонга тушган ҳужумчи 34 та голга муаллифлик қилган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)