Колумбия президенти Хуан Мануэль Сантос Осло мэриясида бўлиб ўтган Нобель мукофотини топшириш маросимида ушбу мукофотни осмон туҳфаси деб ҳисоблашини маълум қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
Президентнинг сўзларига қараганда, премия туфайли унинг мамлакатида тинчлик ўрнатиш орзуси ушалишига янги туртки берилади.
«Колумбия ҳукумати ва Инқилобий қуролли кучлар ўртасидаги келишув якунларига кўра айтишимиз мумкинки, Америка қитъаси Аляскадан Патагонияга қадар тинчлик ерига айланди», — деди Сантос.
Ҳукумат ва исёнчилар ўртасида имзоланган келишув қарийб эллик йил давом этиб, 220 минг кишининг ҳалокатига олиб келган ихтилофга якун ясаши мумкин. Шу боис тинчликпарвар жараёнлар бошида турган мамлакат президентига тинчлик бўйича Нобель мукофотига лойиқ кўрилди.
Хуан Мануэль Сантос ва Колумбия Инқилобий қуролли кучлари раҳбари Родриго Лондоно Эчеверри 27 сентябрь куни Картахена шаҳрида мамлакатда ярим аср давом этган қуролли можарони тўхтатиш ҳамда мустаҳкам ва барқарор тинчликни таъминлаш тўғрисида келишув имзолаган эди.
Унга кўра, 2 октябрь куни Колумбияда музокараларни қонуний мустаҳкамлаш учун референдум ўтказилди. Унинг натижасига кўра, келишувга рози бўлмаганлар ғалаба қозонди. Тинчлик келишувига қарши 6,4 миллион (50,21 фоиз) киши овоз берган.
Изоҳ (0)