5 декабрь куни ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг Ўзбекистон Президенти сайловини кузатиш миссияси раҳбари Питер Тейлер матбуот анжумани бериб, миссиянинг дастлабки хулосалари ҳақидаги баёнотни эълон қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази маълум қилди.
Матбуот анжуманининг қисқача хулосалари шундан иборат бўлдики, ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси ўтган сайловларни шубҳа остига олмайди, сайловчиларнинг давомати юқори бўлганлигини, сайлов жараёнининг шаффофлиги ва ошкоралигини, МСКнинг сайловни миллий қонунчиликка мувофиқ тарзда тайёрлаш ва ўтказиш бўйича ишининг юқори даражада бўлганини қайд этади.
Маълумки, Ўзбекистон Президент сайлови бўйича сайловолди кампанияси бошланишининг эълон қилиниши билан Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг биринчи қарорларидан бири бир қатор халқаро ташкилот ва чет эл давлатлари, шу жумладан, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросига сайловда кузатувчи сифатида иштирок этишга таклифномалар юбориш бўлди. ДИИҲБ таклифни қабул қилди ҳамда эҳтиёжларга баҳо бериш миссияси иши натижаларига кўра узоқ муддатли ва қисқа муддатли кузатувчилардан иборат тўлақонли миссия юборишга қарор қилинди.
Миссия 2 ноябрь куни иш бошлади, беш кундан кейин эса Ўзбекистонга узоқ муддатли кузатувчилар, бир неча кун муқаддам эса яна 150 нафар эксперт ташриф буюрди.
Баёнотда айтилишича, миссия сайлов кампанияси жараёнининг комплекс кузатувини ўтказди. Кузатувчилар фаолиятининг самарадорлиги учун барча сайлов органларида, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ахборотнинг тўлиқ шаффофлиги, сайлов жараёни босқичларининг очиқлиги таъминланди. Бундан ташқари, уларнинг яшаши ва ишлаши учун энг яхши шарт-шароитлар яратилди.
Хусусан, ҳисоботга кўра, сайлов боришига масъул органлар ўз фаолияти шаффофлигини ошириш бўйича чоралар кўрди ҳамда сайловга самарадор тайёргарлик кўрди. МСК давлат ва хусусий ОАВ орқали сайловчилар учун кенг қамровли ахборот кампаниясини ўтказди, жумладан, бошқа шахслар номидан овоз беришга қарши тарғибот юритди. Қуйи даражадаги сайлов комиссиялари учун сайлов кунидаги жараёнлар юзасидан тренинглар ўтказилди.
Ижобий фактлар сирасида сайлов комиссиялари тегишлича зарур ресурслар билан таъминлангани ва, умуман олганда, сайловнинг техник жиҳатлари юқори савияда тайёрлангани, бунда қонунчиликда кўрсатилган муддатларга амал қилингани қайд этилди. МСК тўртта сессия ўтказди, улар халқаро ва партия кузатувчилари ҳамда ОАВ вакиллари учун очиқ бўлди.
Сайлов ўтказувчи органлар ўртасидаги алоқалар шаффофлигини ошириш мақсадида МСК барча 14 округ сайлов комиссиялари билан жонли видеоконференция шаклида учта сессия ўтказди.
Матбуот анжуманида ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари сайловчилар ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича тадбирлар дастурининг қабул қилиниши муҳим эканлигини, унинг самарадорлигини ҳамда бу ишни давом эттириши зарурлигини қайд қилиб ўтди.
Айниқса МСК сайлов билан боғлиқ материалларнинг, шу жумладан, бюллетенларни ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида чоп этгани қайд этилди. Миллий миқёсдаги давлат газеталари номзодларга сайлов доирасида ўзбек, рус, тожик ва қозоқ тилларидаги тарғибот мурожаатлари учун бепул босма майдон тақдим этди.
4 декабрь куни сайлов байрам кайфиятида ўтди, участкаларнинг кўпчилиги ўз вақтида очилди ва барча зарур ресурслар билан тегишлича таъминланган эди. Сиёсий партиялардан кузатувчилар ҳамда халқаро кузатувчилар сайлов жараёнининг барча босқичларини бевосита кўриш имкониятига эга бўлди. Овоз беришнинг ҳамда овозларни санашнинг якунланиши билан миссия кузатувчилари участка сайлов комиссиялари баённомалари нусхаларини деярли барча участкаларда олди, бу эса сайлов жараёнининг бутунлай шаффоф ўтганидан далолат беради.
«Кечага сайловга тайёргарлик яхши ташкил этилган эди, биз айрим яхшиланишларни кузатдик, аммо ҳали яна кўп иш қилиш керак, бу ҳақда баёнотимизда батафсил айтилади», — таъкидлади Питер Тейлер.
Ҳужжатда бевосита сайлов жараёнидаги, хусусан, овозларни санаш, якун ясаш, ОАВнинг етарли даражада очиқ бўлмагани каби айрим кичик камчилик ва нуқсонларга оид қатор фикрлар берилган.
Баёнот залда тўпланган журналистлар ва экспертларнинг ишончини оқламади, деб таъкидланади хабарда. Миссия аъзолари, уларнинг кўпчилиги Ўзбекистонда биринчи марта бўлиб тургани учун, барибир саёз хулосалардан, айрим стереотиплардан қоча олмади, Ўзбекистонда бўлаётган жараёнларга чуқурлаша олмади.
Шунга қарамай, улар сайлов комиссиялари ва судларга расмий шикоятлар келиб тушгани борасида бирор маълмотга эга эмаслигини тан олишга мажбур бўлди.
Бор-йўғи бир ярим йил муқаддам Президент сайлови бўлиб ўтган Ўзбекистон ҳокимиятни ўтказиш шарт-шароитларида нисбатан қисқа вақтда ўз кучи ва салоҳиятини тўплаб, шакллантирилган қонунчилик асосида маданиятли ва ташкилотчиликнинг юқори савиясида, тинчлик ва барқарорлик вазиятида яна бир бор давлат раҳбари сайловини ўтказа олди.
Бу сайлов тизимининг асослилигини, мустақиллик йилларида шакллантирилган демократик институтлар мустаҳкамлигини, шунингдек, давлат жамият бирдамлигининг юқори даражасини кўрсатади. Асосийси, бу бошқа халқаро ташкилотлар мустақил кузатувчилари, шунингдек, илгари ҳам кузатувчи сифатида иштирок этган экспертлар томонидан юқори баҳоланди.
Шунга қарамай, илгари ҳам қайд қилинганидек, Ўзбекистон холис танқид учун очиқ ҳамда сайлов тизимини такомиллаштириш ва конструктив тавсиялар реализацияси йўналишида ишлашга тайёр.
Изоҳ (0)