Ўзбекистон Республикаси Президентлиги учун сайловда иштирок этган сайловчи Дилшод Шарипов унга оилавий овоз бериш имконияти тақдим этилмаганидан «нолиди». У сайлов ҳақидаги фикрини Facebook саҳифасида ёзиб қолдирган.
«Мен бугун эрта тонгдан Ўзбекистон Президенти сайловида иштирок этиш учун Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги 39-мактабда жойлашган 641-сайлов участкасига аёлим ва 1 ёшли ўғлим билан бирга чиқдик», — деб сўз бошлаган Шарипов. Унинг қолган фикрлари билан қуйида танишиш мумкин.
Аввалги сайловлардан фарқли равишда бу сайловда «оилавий овоз беришлар»га йўл қўйилмаслиги ҳақида брифинглар, семинарлар бўлиб ўтди, телевизор орқали кўплаб роликлар намойиш этилди. «Оилавий овоз беришлар»га чиндан ҳам йўл қўйилмаётганлигини текшириш учун ўзимнинг паспортим ва таклифномамга қўшиб ота-онамнинг ҳам сайловга таклифномаси ва паспортларини олгандим.
Кўчага чиқишимиз билан автобус келиб қолди ва сайлов участкасигача бўлган бир бекатни бепул автобусда босиб ўтдик :)
641-сайлов участкасига келиб, сайлов бюллетенимни олаётганимда сайлов участкаси ходимасига ўз паспортим билан бирга ота-онамнинг ҳам шахсни тасдиқловчи ҳужжатларини тақдим этдим. Аммо сайлов участкаси ходимаси ота-онамнинг ўзи сайлов участкасига келиб овоз бериши лозимлиги, ҳеч ким бошқа биров учун овоз бериши мумкин эмаслигини айтди. Мен биз ҳар доим оилавий овоз берганимизни айтиб, ундан ота-онамнинг ҳам сайлов бюллетенларини олишга уриндим. Аммо сайлов участкаси ходимаси «Бу сафар ундай бўлмайди», деб жавоб берди ва фақат мени ўзим учун сайлов бюллетенини тақдим этди.
Мен овоз бергунимга қадар хотиним ва ўғлим «Она ва болалар» хонасида ўтириб туриши мумкинми деб сўрагандим, сайлов участкаси ходимаси илтифот билан «Она ва болалар» хонасини кўрсатиб қўйди.
Аёлим бошқа сайлов участкасида овоз бериши туфайли у ва ўғлим мени «Она ва болалар» хонасида кутиб туришди. Аёлим у хонада 2—3 дақиқа давомида бўлди ва яратилган шароитдан қониқиш ҳосил қилди.
Ўзим муносиб деб топган номзодга овоз берганимдан сўнг 641-сайлов участкасини тарк этишдан олдин биз яшайдиган ҳудудга сайлов бюллетенларини берувчи ходиманинг олдига қайтиб бордим, менга «оилавий овоз бериш»га йўл қўймаганлиги учун унга миннатдорлик билдирдим.
Бу сайлов аввалгиларидан бошқачароқ ўтаётганига ишонч ҳосил қилиб, сайлов участкасини мамнуният билан тарк этдим.
Изоҳ (0)