Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларини кузатиш мақсадида келган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари миссияси вакиллари Чжан Хунцзянь ва Шайдогул Зокирова Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, сайлов участкалари фаолияти билан танишмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Меҳмонлар Элликқалъа тумани 18-болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида жойлашган 554-сайлов участкасида сайловга тайёргарлик жараёни билан танишди. Сайловчилар рўйхати, овоз бериш кабиналари, она ва бола, тиббиёт хоналарида яратилган шароитларни кўрди.
«Хоразм вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний ва Элликқалъа туманларида сайлов участкаларини кўздан кечириб, барча жойда ушбу муҳим сиёсий тадбирга пухта тайёргарлик кўрилганига амин бўлдик, — дейди Чжан Хунцзянь. — Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганидан хабардормиз. Бугун бунга гувоҳ бўлмоқдамиз. Айниқса марказдан узоқ бўлган қишлоқ ва овулларда ҳам аҳоли фаровонлиги учун замонавий шароитлар яратилгани бизни ҳайратга солди. Қаёққа қараманг, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ёш авлод камолоти йўлида қилинаётган ишлар ҳар қанча таҳсинга сазовор. Болалар мусиқа мактабида яратилган шароит ривожланган мамлакатлардагидан қолишмайди. Истеъдодли болалар кўплиги, уларнинг юз-кўзидаги қувонч ҳар қандай кишини тўлқинлантириб юборади».
Изоҳ (0)