Ироқ курдларининг «Пешмерга» ҳарбийлашган милицияси Мосул яқинида язидларнинг икки оммавий қабрини аниқлади. Бу ҳақда, Reuters’га асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Айтилишича, қабрларда камида 18 кишининг қолдиқлари топилди. Асосан язидлар истиқомат қилувчи Синжор шаҳри ҳокимининг сўзларига қараганда, ушбу қабрларнинг топилиши билан шу пайтгача аниқланган бундай оммавий қабрлар сони 29 тага етди.
Язидлар — курдларнинг диний-этник гуруҳи бўлиб, улар 2014 йил ёзида, Синжор ИШИД қўлига ўтганида зўравонлик ва қирғинга учраган эди. ИШИД жангарилари «ғайридин» ҳисобланувчи минглаб язидларни ўлдириб юборгани маълум.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)