Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров республика махсус бўлинмаларини тайёрлаш учун америкалик махсус қисмлар ходимлари ёлланиши мумкинлиги борасида тарқатилган хабарларни тасдиқламади. Бу ҳақда, Чеченистон раҳбари ва ҳукуматининг порталидаги баёнотга асосланиб, «Аргументи и факти» хабар бермоқда.
23 ноябрь куни Гудермесда қурилаётган Халқаро ўқув марказида чеченистонлик ҳарбийлар билан АҚШдан ёлланган махсус мўлжал қўшинлари хизматчилари машғулотлар ўтказиши мумкинлиги маълум қилинган эди. Аммо ушбу хабарлар Қодиров томонидан инкор қилинди. Гап фақат хусусий инструкторлар ҳақида кетаётгани аниқлаштирилди.
«Агар гап АҚШнинг амалдаги махсус қисмлари ҳақида кетаётган бўлса, улар россиялик жангчиларга нима ўргатиши мумкинлигини унча тушунмайман. Иорданиядаги жаҳон чемпионатида бизнинг жамоамиз биринчи ўринни эгаллади, америкаликлар эса биринчи йигирмаликдан кейин эди. АҚШ расмий куч қурилмалари Чеченистонда тақиқ остида», — деди Қодиров.
Шу билан бирга, у АҚШда Лотин Америкаси, Осиё ва Африкадаги махсус операцияларда иштирок этган кучли мутахассислар борлигини эътироф этди.
«Америкалик хусусий мутахассислар ишга қизиқмоқда», — деди Қодиров. У бир қанча мутахассислардан талабномалар келиб тушганини қайд этди.
«Бу ном чиқарган одамлардир. Кўриб чиқамиз», — таъкидлади Чеченистон раҳбари.
Изоҳ (0)