24 ноябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди, деб хабар беради ЎзА.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, соҳа экспертлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари М. Мирзаев маъруза қилди.
Таъкидланганидек, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқаришга энг замонавий, илғор технологияларни жорий этиш орқали уни модернизациялаш жаҳонда миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) ўсиши 7,8 фоизни ташкил этиб, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 7,2 фоизга ўсди. Инфляция даражаси прогноз кўрсаткичларидан ошмади. Бунда макроиқтисодий барқарорлик янада мустаҳкамланиб, ташқи савдо айланмасининг ижобий салдоси кузатилди.
Чуқур ўйланган, пухта пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсатининг амалга оширилганлиги давлат бюджети даромад қисмининг прогноз кўрсаткичларига нисбатан 100,2 фоиз ижросини таъминлаб, бу ЯИМга нисбатан 21,7 фоизни ташкил этди. Давлат бюджетининг харажатлари ЯИМга нисбатан 21,6 фоизни ташкил этиб, бу Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетини ЯИМга нисбатан 0,1 фоиз профицит билан бажариш имконини берди.
Муҳокамалар давомида депутатларнинг давлат бюджети ижроси билан боғлиқ масалалар юзасидан берган саволларига ҳукумат вакиллари атрофлича жавоб берди.
Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси А. Шодмоновнинг қўшимча маърузаси эшитилди.
Қайд этилдики, ҳисобот даврида жорий йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифа ва устувор йўналишлари изчил амалга оширилиши иқтисодий кўрсаткичларнинг юқори ўсиш суръатларини сақлаш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш имконини берган. Давлат бюджети мамлакат парламенти томонидан тасдиқланган параметрларга мувофиқ ижро этилган.
Давлат бюджетининг 2016 йилнинг тўққиз ойидаги ижросини ҳар томонлама муҳокама қилиш чоғида сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари нуқтаи назарлари ва фикрларини баён қилиб, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, бюджет ташкилотларида молиявий интизомга амал қилиш, давлат органларининг мамлакат Бюджет кодексига риоя қилиш бўйича масъулиятини ошириш юзасидан тавсияларини берди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йилнинг тўққиз ойлигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш ҳақида тегишли қарор қабул қилди.
Изоҳ (0)