«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунда сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эгалиги кўрсатилган. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Foto: “Газета.uz”

Фото: «Газета.uz»

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга 10 кун қолганда бошланади ва сайловга бир кун қолганида тўхтатилади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг, ОАВ вакилларининг эътиборига етказилади.

Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида ўз яшаш жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини олади. Сайловчи сайлов варақасини олганлиги ҳақида участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо чекади.

Сайлов варақаси махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади. Сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов варақасини ёпиқ конвертда участка сайлов комиссиясида қолдиради. Конвертнинг елимланган жойига участка сайлов комиссияси икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри ва сайловчининг имзоси билан тасдиқланади.

Қонуннинг ушбу талаблари асосида мамлакатнинг барча сайлов округларида муддатидан олдин овоз бериш тартиби белгиланди. Масалан, 14-Тошкент шаҳар сайлов округи қарорига кўра, 2016 йил 24 ноябрдан 2 декабргача Тошкент шаҳрида сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериши белгиланган. Овоз бериш белгиланган кунларда соат 9:00 дан 18:00 га қадар ўтказилади.

Жумладан, 24 ноябрь куни пойтахтнинг Учтепа туманида жойлашган 34-сайлов участкасида айрим фуқаролар муддатидан олдин овоз берди.

Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.